Фарғонада ИИБ ходимга 2500 АҚШ доллари таклиф қилинди
Жорий йилнинг 5 март куни 29 ёшли фуқаро З.М., (аёл) Бешариқ туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, Обод маҳалласида яшовчи 41 ёшли фуқаро М.П.,га вақтинча сақлаб туриш учун 49.500 АҚШ доллари ва тилла буюмларини берганлигини, бироқ фуқаро М.П., 31.000 АҚШ долларини қайтариб, қолган қисмини ва тилла буюмларини қайтариб бермаётганлигини маълум қилиб, айбдорга нисбатан чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилаётган терговга қадар текширув давомида фуқаро М.П., чора кўрмаслик ва ишни унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига Бешариқ туман ИИБ ходимига 2.500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
ИИБ ходимининг раҳбариятга ёзган билдиргиси асосида 6 март куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Фарғона вилояти бўйича бўлими ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бешариқ тумани бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро М.П., ходимнинг хизмат хонасида 2.500 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида далилий ашёлар билан ушланиб, ҳолат холислар иштирокида расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Бешариқ тумани бўлими томонидан ҳозирда терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Ўзининг шахсий манфаатидан Ватан олдидаги қасамини устун қўйиб, порахўрлик, фирибгарлик каби иллатларга қарши курашиш ҳар бир Ички ишлар органлари ходимининг бурчи.
Ҳурматли фуқаролар қонун барча учун баробар!
Порахўрлик, таъмагирлик, фирибгарлик каби иллатларга қарши бирга курашайлик.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати