23 Феврал 2022 йил 1419

Фарғона вилоятидаги ўрганишлар натижалари танқидий муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов бошчилигидаги ишчи гуруҳ уч кун давомида Фарғона вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш, аҳолининг муаммоли қатламлари билан манзилли ишлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарорлари ва жойларга ташрифлар давомида берилган топшириқлар асосида бажарилган ишларни кўздан кечириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўрганиш олиб бораётгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасида ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган якуний йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи аъзолари, Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, туман-шаҳар ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.

Ишчи гуруҳ раҳбари ўрганишлар якуни бўйича сўз юритиб, жойларда жиноятчиликни «маҳаллабай» усулида жиловлаш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилган ишларни танқидий таҳлил қилди.

Таъкидланганидек, Фарғона вилоятида 2021 йил якунига кўра жиноятлар 90 фоизга, жиноят қидирув йўналишдаги жиноятлар эса 92 фоизга ошиб кетган.

Энг ачинарлиси, жами жиноятларнинг ҳар учинчиси қотиллик, тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўғрилик, фирибгарлик, безорилик каби олди олиниши мумкин бўлган жиноят турларини ташкил этади.

Ўз навбатида, бевосита маҳалланинг ўзида жиноятчиликни жиловлаш ишларига ҳам барча жойларда етарли эътибор қаратилмаган. 2021 йил якунига кўра «қизил» тоифага кирган маҳаллалар, вилоятнинг ҳар учинчи маҳалласи ёки 351 тани ташкил этмоқда. Шу билан бирга «яшил» тоифадаги маҳаллалар сони ҳам кескин камайиб кетган. Мисол учун, Марғилон шаҳри, Данғара, Бувайда, Фурқат туманларида «яшил» тоифадаги маҳаллалар умуман қолмаган, яъни, барча маҳаллаларда жиноятлар содир бўлган.

Вазирлик ишчи гуруҳи аъзолари вилоятнинг ҳар бир туман-шаҳарларидаги оғир маҳаллаларига бориб, секторлар фаолияти, аҳолининг муаммоларни ҳал этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда жиноятчиликни жиловлаш амалиётини батафсил ўрганиб чиқдилар.

Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбарининг раислигида 2021 йилнинг 12 февралида ўтказилган Вазирлик Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисда берилган топшириқлар ижроси ҳар бир ҳудудда қай даражада амалга оширилганлиги кўриб чиқилди.

Республика бўйича криминоген оғир баҳоланган 830 та маҳалладан 89 таси Фарғона вилоятига тўғри келиб, ушбу маҳаллалар учун «ижтимоий профилактика» дастурлари ишлаб чиқилган бўлсада, мавжуд дастурларнинг аксарияти юзаки, расмиятчилик учун тузилган. Жиноятларни таъсирчан «маҳаллабай» ва «соҳабай» муҳокама қилиш ишлари ҳам талаб даражасида ташкил этилмаган.

Аслида, бу борадаги ишларни ҳар бир маҳаллада, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилот ва идора вакилларини жалб этган ҳолда доимий равишда ўтказилиши керак эди, деди Президент маслаҳатчиси.

Йиғилишда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраев ҳам сўз олиб, ўрганиш натижаларидан тўғри хулоса чиқариб, жиноятчиликни жиловлаш борасидаги профилактик ишларни сифат жиҳатидан яхшилашга, секторлар фаолиятини талаб даражасига келтиришга сўз берди.

Муҳокама ва таҳлилдан келиб чиқиб, криминоген вазияти оғир ҳисобланган 89 та маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлашга оид йўл хариталарини қайтадан ишлаб чиқиш, аҳолининг муаммоларини уйма-уй ўрганиб, «фуқаробай» ишлаш усулини амалиётга кенг татбиқ этиш, ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни таъминлаш, жамоада соғлом муҳитни шакллантириш каби йўналишларда мутасадди раҳбарлар олдида турган энг муҳим ва устувор вазифалар белгилаб олинди.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 
Text to speech