Фарғона вилояти прокуратурасида Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун–моҳиятини ўрганиш ва амалиётда татбиқ этиш масалаларига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.
Вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов раҳбарлигида ўтказилган ушбу тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи Дониёр Ташходжаев, вилоят прокуратураси органлари ходимлари, ички ишлар, Миллий гвардия ва бошқа соҳага алоқадор идораларнинг тузилмалари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.
Дастлаб, вилоят прокурори томонидан Фармоннинг бугунги кундаги аҳамияти ва масъул идоралар олдида турган вазифалар ҳақида қисқача тушунчилар берилди.
Шундан сўнг, вилоят прокуратураси ходимлари томонидан семинар қатнашчиларига қайд қилинган Фармон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси, 2021–2025 йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг мазмун ва моҳияти кўргазмали тақдимот орқали батафсил тушунтириб берилди.
Ўқув семинари давомида иштирокчиларнинг саволларига жавоблар берилди.