13 Март 2023 йил 418

Фарғона вилояти ИИБда навбатдаги маънавият ва маърифат дарси кўтаринки руҳда ўтказилди

Фарғона вилояти ички ишлар бошқарма шахсий таркиби иштирокида ўтказилган навбатдаги маънавият ва маърифат дарси таассуротларга бой тарзда кечди.

Фарғона давлат университети ижтимоий иш кафедраси катта ўқитувчиси Ўткирбек Ражабовнинг “Коррупцияга қарши курашиш – тараққиёт кафолати” мавзусида маърузаси машғулот иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Маърузада коррупция иллатининг ҳуқуқий оқибатлари, жамият тараққиётига салбий таъсири аниқ мисоллар ёрдамида очиб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январь кунидаги ПҚ-10-сонли Қарори мазмун-моҳияти яна бир бор шахсий таркибга етказилиб, қарорнинг аҳамиятли жиҳатлари, унда белгилаб берилган устувор вазифалар, одоб ахлоқ ва касб нормалари тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Тадбир якунида тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.

Жумладан, жорий йилнинг 10-11 март кунлари Фарғона вилояти “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти кенгашининг 2023 йилги тақвим режасига асосан вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари терма жамоалари ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича “Динамо” биринчилиги мусобақаси ўтказилган эди.

Ушбу нуфузли мусобақада Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси терма жамоаси фахрли иккинчи ўринни қўлга киритган бўлиб, шу куни бошқарма раҳбарияти томонидан ғолиб спортчилар муносиб рағбатлантирилди.

Бундан ташқари, давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан тақдирланган ходимларга ҳам мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech