Фарғона вилояти ИИБда китоблар тақдимоти бўлиб ўтди
Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг маънавият ва маърифат залида мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами арафасида нашрдан чиққан янги китоблар тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда бошқарма раҳбарияти, адабиётшунос олимлар, журналистлар, фахрийлар ва шахсий таркиб иштирок этди.
Маълумки, байрам арафасида Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг бевосита ташаббуси билан “Эл-юрт осойишталиги генераллари” номли китоб чоп этилган эди. Тақдимотда дастлаб ушбу китобнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди. Таниқли олим, юридик фанлари доктори Абдуғаффор Сатторов томонидан яратилган ушбу китоб соҳа ходимлари учун муҳим ва тарихий қўлланма эканлиги, унда жамланган генералларнинг ҳаёт йўли ва фаолиятидан ибрат олиш кераклиги қайд этилди.
Истиқлол айёми арафасида Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан ҳам янги бир китоб нашр этилди. “Фарғонанинг фидойи фарзандлари” номли ушбу тўпламда эл-юрт осойишталигига муносиб ҳисса қўшган фарғоналик ички ишлар органлари фахрийлари, сулолалар, истиқлол йилларида давлат мукофотларини қўлган киритган ходимлар ҳамда хизмат вазифасини бажариш пайтида халок бўлган мард ўғлонлар ҳақида ҳикоя қилинади. Тақдимот жараёнида мазкур китоб ва унинг саҳифаларидан жой олган қаҳрамонлар ҳақида ходимларга батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги бирлашган таҳририятининг Фарғона вилояти бўйича мухбири Абдувосит Сидиқов қаламига мансуб янги нашрдан чиққан “Қалдирғочлар қайтган кун” номли китоб ҳақида ҳам тақдимотда алоҳида сўз юритилди. Унда муаллифнинг турли йилларда ёзган энг ўқимишли ва сара ҳикоялари ўрин олгани таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси бошлиғи, полковник Файзилла Ортиқбоев сўзга чиқиб, ички ишлар органлар ходимлари ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўталди ва барча ходимларга тақдимоти ўтказилган китобларни олиб ўқишни маслаҳат берди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати