11 Ноябр 2022 йил 392

Фарғона вилояти ИИБ ППХ ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар давомида пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилмоқда

Маълумки, пиротехника маҳсулотларининг таркибини портловчи ва ёнувчан, хавфли моддалар ташкил қилади. Шу боис бундай воситалар инсон саломатлигига жуда катта зарар етказиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (олиб чиқиш) ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг тегишли моддасида эса бундай қилмишларни содир этганлар учун унинг ким томонидан содир этилгани ва қандай оқибатларга олиб келганлигига қараб турли жазо чоралари, жумладан, озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши кўзда тутилган.

Аммо орамизда бундай воситалар савдоси билан хуёфна тарзда шуғулланаётганлар ҳалигача учраб турибди.

Фарғона вилояти ИИБ ППХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор профилактик тадбирлар давомида ана шундай ҳолатларга ўз вақтида чек қўйилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 7 ноябрь куни Биринчи минтақавий ҳудуд ППХ отряди 1-гуруҳ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Марғилон шаҳрида яшовчи, вояга етмаган А.Р нинг ҳаракатлари шубҳа уйғотганлиги сабабли, унинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганида хорижда ишлаб чиқарилган, тахминий қиймати 30000 (ўттиз) минг сўм бўлган, жами 6 дона “Соловей разбойник” номли пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Худду шу куни Марғилонда яшовчи яна бир вояга етмаган Ғ.Б. ёнидан ҳам 6 дона “Соловей разбойник” номли пиротехника воситалари топилди.

Фарғона вилояти ИИБ Иккинчи минтақавий ҳудуд ППХ отряди 1-гуруҳ ходимлари Қўқон шаҳар Сарбоз кўчасида яшовчи Т.З исмли фуқарога қарашли гул дўконидан
тахминий қиймати 2 миллион 700 минг сўм бўлган, 8 дона пиротехника воситасини аниқладилар.

Аниқланган барча ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Бу каби ноқонуний қилмиш билан вояга етмаган ёшлар шуғулланаётгани жуда ачинарли ҳолдир. Шу боис ота-оналардан фарзандлари тарбиясига эътиборсиз бўлмасликларини сўраб қоламиз.

Ёдда тутинг, ҳар қандай ноқонуний қилмиш учун тегишли тартибда жазо чоралари белгиланган.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech