28 Январ 2023 йил 337

Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасида 2022 йил иш якунлари сарҳисоб қилинди

Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг қуйи бўлинмалари томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Тадбир вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Бахтиёр Одилович Жалолов иштирокида танқидий руҳда ўтказилди, камчиликларга йўл қўйган ходимлар ҳамда раҳбарларнинг ҳисоботи эшитилди. Шунингдек, терговга қадар текширув ҳужжатлари ва жиноят ишлари юзасидан қонуний қарорлар қабул қилинишини таъминлаш, ходимларни ўқитиш, билим ва малакасини ошириш борасидаги ишлар, шу билан бирга, келгусида тергов бўлинмалари олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, 2022 йилдаги иш натижалари таҳлилидан келиб чиқиб, жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган, қатор вазифаларни ўз ичига олган комплекс чора-тадбирлар режасига алоҳида тўхталиб, 2023 йил "Тергов сифатини ошириш йили" деб белгиланганлигини инобатга олган ҳолда иш фаолияти самарали ташкил этилиши ва бу борадаги ишлар янада жадаллаштирилиши кўрсатиб ўтилди.

Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари - Тергов бошқармаси бошлиғи, полковник М.Саттаров сўзга чиқиб, 2022 йилда фаолиятда йўл қўйилган камчиликларни бирма-бир ўқиб эшиттирди, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашда адолатлилик, ҳалоллик ва инсонпарварлик тамойилларига риоя этилиши, устоз-шогирд анъаналари тўғри йўлга қўйилишини таъкидлади.

Тадбирда, тергов соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган ва кўплаб шогирдларни тарбиялаган уч нафар ходимларга Тергов департаменти раҳбариятининг табриги ўқиб эшиттирилиб, эсдалик совғалари топширилди ва улар тантанали равишда нафақага кузатилди.

Шу билан бирга, жиноят ишларини сифатли тергов қилиб яхши натижаларга эришган, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимлар ҳамда тергов бўлинмалари раҳбарларига диплом, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Йиғилиш сўнгида полковник Б.Жалолов томонидан хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий риоя этилиши алоҳида таъкидланиб, шахсий таркибга қатор топшириқ ва тавсиялар берилди.

 

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech