Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан учрашув ўтказди
Шу кунларда Фарғонада янги сайланган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари учун маҳалла институтини ривожлантириш, “маҳаллабай” ишлаш тизимини шакллантириш, маҳалла раислари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш масалалари юзасидан ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, семинар давомида Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраев маҳалла раислари билан учрашув ўтказди. Унда ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир этишга мойил шахслар билан манзилли иш олиб бориш юзасидан зарур тавсиялар берди.
Фарғона, Қувасой шаҳарлари ва Фарғона туманларидаги жами 177 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида ўтказилган тадбирда ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспекторлари маҳалла раисларига кўмакдош бўлаётгани, келгусида ҳам уларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада яхшилаш кераклиги таъкидланди.
Ўқув семинари давомида аҳолини камбағалликдан чиқариш, ишсизликни йўқотиш, ёшларни бўш вақтларидан самарали фойдаланишлари учун шароит яратиш, оилавий ажримлар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, бунда ички ишлар органлари билан маҳалла раислари ўртасидаги ҳамкорликни ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Маҳалла раислари ҳудудидаги ҳар бир муаммоли вазиятни чуқур ўрганиши ва унга ечим топиши кераклиги таъкидланди. Учрашувда маҳалла раислари билдирилган ишончни оқлаш учун астойдил ҳаракат қилиб, натижа кўрсатишга ваъда бердилар.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати