Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасида китоблар тақдимоти ўтказилди
Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасида “Эл-юрт осойишталиги генераллари”, “Ички ишлар органларининг мард ўғлонлари”, "Фахрийлар - фахримиз" ҳамда “Ўзбекистон халқи хизматида” номли китобларнинг тақдимоти ўтказилди.
Маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бирлашган касаба уюшмаси бош мутахассиси, истеъфодаги полковник А.Сатторов, вазирлик Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти катта инспектори, подполковник Қ.Шокиров, ИИВ Академияси доценти, подполковник Қ.Қодировлар иштирок этиб, китобларнинг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ҳақида маълумот беришди.
Жумладан, истеъфодаги полковник А.Сатторов мазкур китобларда Ўзбекистондан етишиб чиққан генераллар, шунингдек, соҳада самарали меҳнат қилган фидойи фахрийлар, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг жасорат ва матонати акс эттирилганлигини алоҳида таъкидлади. Ушбу асарлар соҳа ходимларининг маънавий-сиёсий билимларини бойитишга хизмат қилиши қайд этилди.
Ўз ўрнида сўзга чиққан китобхон ходимлар мазкур китобларнинг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Тақдимотда китобсевар ходимлар муаллифларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, атрофлича жавоб олдилар.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати