19 Декабр 2022 йил 3710

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят Бандлик бош бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Бандлик бош бошқармаси  ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларига таянган ҳолда ички ишлар органлари тизимида бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш ҳамда томонларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу Меморандумнинг мақсади икки томонлама муносабатларнинг истиқболларини белгилаш, ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалаларни келишган ҳолда амалга ошириш, ўзларининг ваколатлари доирасида манфаатли муносабатларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан иборат.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда вилоят ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилари, ишчи ва хизматчилар ҳамда уларни оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳақ тўланадиган ишга ёки иш ҳаққи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган турмуш ўртоқлари ва 18 ёшга етган фарзандларини касбга йўналтириш, Бандлик бош бошқармаси ҳузуридаги “Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш маркази, профессионал таълим муассасаларида ва “уста-шогирд” усулида ўқитишни ташкил этиш каби муҳим вазифалар белгиланди.

Вилоят ички ишлар бошқармасида бўлиб ўтган тадбирда соҳа раҳбарлари томонидан меморандум имзоланиб, уни амалга ошириш юзасидан ҳамкорликдаги ишлар келишиб олинди.

 

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

Text to speech