Фарғона вилояти ҳудудида 449 нафар ҳайдовчилар маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлиги аниқланди
Спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ҳайдовчининг сезгирлиги ва диққат-эътиборини сусайтириб, унда бепарволик ҳиссини пайдо қилади. Маст ҳолатда автомашина бошқарган ҳайдовчи йўл-транспорт ходисаси содир этмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Фарғона вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан вилоят ҳудудида доимий равишда ўтказиб келинаётган тадбирлар давомида, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарган ҳайдовчилар аниқланмоқда ҳамда уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг январь ойида 203 нафар, февраль ойида 167 нафар ва март ойида 79 нафар, жами 449 нафар ҳайдовчилар томонидан маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш ҳолатлари аниқланиб, барча ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган ва уларнинг транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасида транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида (5.575.000 сўм) жарима солишга сабаб бўлиши, ҳудди шундай маъмурий ҳуқуқбузарлик бир йил давомида содир этилганда эса базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида (8.920.000 сўм) жарима ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариб, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш билан бирга юқоридаги миқдорда жарима, бундан ташқари транспорт воситасини жарима майдончасида сақлаб туриш харажатларини тўлаб, оилангизга катта миқдорда моддий зарар етказишингиз мумкин.
Яна бир бор ҳуқуқбузарларга нисбатан жарима қўллашдан мақсад бюджет тушумини кўпайтириш эмаслигини, балки улар томонидан содир этиладиган йўл транспорт ҳодисалари оқибатида фуқароларни вафот этиши ёки тан жароҳати етказилишини олдини олиш эканлигини эслатиб ўтамиз.
Ҳурматли ҳайдовчи !
Транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш инсонларни яқинларидан умрбод айрилиб қолишига, тан жароҳати олишларига сабаб бўлиши мумкин.
Спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш аввало ўзингиз, қолаверса атрофдагилар ҳаёти ва соғлиғига тажовуз эканлигини унутманг!
Огоҳ бўлинг!
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати