Фарғона туманида хонадондан тилло тақинчоқлар ва пулларни ўғирлаган шахс қўлга тушди
27 октябрь куни Фарғона тумани, Фаровон турмуш кўчасида яшовчи Т.Қ исмли аёл ИИБга мурожаат қилиб, унда шу куни соат 11:00 дан 13:30 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс унинг яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, хонадон ётоқхонасидан 5 000 АҚШ долларлик тилло тақинчоқлари, 300 АҚШ доллари ва 500.000 сўм пулларини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинганлигини билдирган.
Мазкур холат юзасидан Фарғона туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни А.Б. содир этганлиги аниқланиб, процессуал тартибда ушланган.
Эслатиб ўтамиз, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Ҳурматли фуқаролар, ўз мол-мулкингиз, пул маблағларингизни эҳтиёт қилинг! Бу билан ўғирлик жиноятларининг олдини олишга ҳисса қўшган бўласиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати