29 Март 2022 йил 375

Фарғона шаҳрида велосипед ўғриси фош бўлди

Фарғона шаҳар Бобур кўчасида яшовчи фуқаро М.О ИИБга мурожаат қилиб, унда 2021 йилнинг 23 февраль кунидан 24 февраль кунига ўтар кечаси номаълум шахс яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб 1.800.000 сўмлик велосипедини яширин равишда ўғирлаб кетганини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Ш.С содир этганлиги аниқланиб, процессуал тартибда ушланган.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ҳурматли фуқаролар, ўз мол-мулкингиз, пул маблағларингизни эҳтиёт қилинг! Бу билан ўғирлик жиноятларининг олдини олишга ҳисса қўшган бўласиз.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech