Фарғона шаҳрида мисдан ясалган тақинчоқни кумуш деб алдаб, сотган аёлга жиноят иши қўзғатилди
Фарғона шаҳри. 24 сентябрь куни О.Д исмли аёл ИИБга мурожаат қилиб, унда 2019 йилнинг 29 август куни номаълум аёл ишончига кириб, мисдан ясалган тақинчоқларни кумушдан ясалганлигини айтиб, 3.500.000 сўмга сотиб, алдов йўли билан қўлга киритган пулни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни С.Ф исмли аёл содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фирибгарлик қонунга асосан жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эсдан чиқарманг.
Юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати