Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди
«Ватан келажаги учун барчамиз дахлдормиз» мавзусида ташкил этилган учрашувда Фарғона вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, капитан Номозов Жаҳонгир Авазбек ўғли ҳамда Фарғона вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи маслаҳатчиси, истеъфодаги подполковник Усмонов Араббой Холбоевичлар қатнашиб, мавзу юзасидан маъруза қилдилар.
Институтнинг даволаш иши факультети талабалари ва профессор ўқитувчилари иштирок этган анжуманда бугун мамлакатимизда ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Шу билан бирга, айрим ёшлар бу имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига турли алдов ва ёлғонларга учиб, сабий одатларга ўрганиб, жиноят кўчасига кириб қолаётганлиги танқид қилинди.
Фарғона вилоятида талабалар томонидан содир этилган жиноятлар таҳлил қилиниб, ёшлар бундан ўзига тўғри хулоса чиқаришлари кераклиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан талаба-ёшлар орасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида бир қатор аниқ таклифлар ҳам ўртага ташланди.
Вилоят ИИБ Ахборот хизмати.