25 Март 2020 йил 811

Чиркин касб эгалари

Одам бир бурда нонини ҳалоллик билан ёки аксинча ҳам топиб ейиши мумкин. Соғлом фикрли жамият ўз таркибидаги нопок йўллар билан манфаат кўрадиган кимсалар қилмишини қоралаб, уларга қонуний чора кўриб келади. Ана шундай иллатлардан бири қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлашдир.

Жиноят кодексининг 131-моддасида қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Айрим кимсалар, айниқса аёллар енгил пул топиш илинжида қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш каби жирканч ишни ўзларига касб қилиб олиб, шунинг ортидан тирикчилик қилишни, яна ҳам ачинарлиси, оила тебратишни ўзларига эп кўришмоқда.

Аччиқ бўлсада айтиш лозим, Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасининг тегишли хизматлари томонидан мазкур иллатга қарши курашиш бўйича олиб борилган  тезкор тадбирлар давомида, жорий йилнинг ўтган даврида 10 дан ортиқ ҳолатда юқоридаги фаолият тури билан шуғулланиб келаётган кимсалар аниқланган.

Энг ёмони уларнинг орасида эркаклар ҳам бу касб этагини тутганлиги жуда ҳам ачинарлидир.   

Хусусан, жорий йилининг 06 февраль куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи М.К. эркак киши бўла туриб,  моддий манфаат эвазига қўшмачилик билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, 26 февраль куни Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида  А.Темур кўчасида яшовчи А.А. ҳам қўшмачилик билан шуғулланаётган вақтда қўлга олинган.

Шунингдек, 2 февраль куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона шаҳрида яшовчи  М.Р. исмли аёл эса икки нафар шахсларни 300 минг сўм эвазига яшаш хонадонида жинсий эхтиёжларини қондиришларига шароит яратиб берганлиги аниқланган.  

Юқорида кўрсатилган барча шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланган. 

Фарғона вилоят ИИБ ходимлари томонидан юқоридаги жирканч фаолият билан шуғулланиб келаётган шахсларни фош этиш мақсадида тезкор тадбирлар давом эттирилади.

Ҳам диний, ҳам дунёвий китобларда қаттиқ қораланадиган ушбу фаолият турини ўзига касб қилиб олган, зино ва айшу-ишратга берилган шахсларга шароит яратиб бериб, бунинг ортидан даромад топаётган шахслар албатта  жавобгарликка тортилади.


 

               Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

 

 

 

Text to speech