16 Апрел 2022 йил 587

БОШ МАРКАЗ МУТАХАССИСЛАРИ ИШТИРОКИДА САЙЁР ЎҚУВ МАШҒУЛОТИ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази масъул ходимлар томонидан Фарғона вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика бўлими ходимлари иштирокида совуқ қурол экспертизасини мустақил равишда ўтказиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди.

Ўқув йиғини давомида вазирликнинг малакали мутахассислари совуқ қурол ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар туркумига кирувчи ашёларни криминалистик экспертизадан ўтказишнинг ўзи хос жиҳатлари, тартиб-қоидалари ва масъулиятли томонлари ҳақида маълумот бердилар.

Таъкидланганидек, совуқ қуролларнинг криминалистик экспертизаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, махсус адабиётлар ва маълумотларга асосланган бўлиши керак. Буларнинг барчаси тадқиқотларнинг объективлигини таъминлаш, эксперт хулосасини суриштирувчи, терговчи ва суд томонидан баҳолашни осонлаштириш учун зарурдир.

Машғулот давомида иштирокчилар томонидан берилган барча саволларга атрофлича ва асосли жавоблар қайтарилди.

Йиғин якунланганидан сўнг унда иштирок этган экспертларга совуқ қурол экспертизасини мустақил равишда ўтказишга рухсат берувчи махсус сертификатлар ҳам топширилди.

Бундай сайёр ўқув йиғинлари соҳа ходимларининг билим ва малакасини ошириш ҳамда хизмат жараёнидаги техник имкониятларини янада кенгайтаришда муҳим аҳамият касб этади.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech