БОБУР ЮРТИГА САЁҲАТ
14 февраль – буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг ҳокими Умар Шайх Мирзо оиласида дунёга келган.
У Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди.
Шу муносабат билан Фарғона вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси ташаббуси билан фарғоналик ўқувчи-ёшларни Бобур туғилиб ўсган юрт – Андижонга саёҳати ташкил этилди.
Кадрлар бошқармаси ходимлари Фарғона шаҳридаги 15-умумтаълим мактабининг 30 нафар ўқувчилари ҳамроҳлигида Андижон шаҳрида бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали, унинг номи билан аталувчи боғ ва музейни томоша қилдилар.
Соҳа ходимлари ёшларга буюк аждодимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзлаб беришди.
Ёшлар мазкур учрашув давомида улуғ аждодимизнинг саркардалик фаолияти, ижодий ишлари ҳақида қимматли маълумотга эга бўлдилар.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати