Бировнинг киссасига тушган ўғри қўлга олинди
Фарғона шаҳри. 2020 йил 12 март куни П.И. Фарғона шаҳар ИИО ФМБга мурожаат қилиб, шу куни Фарғона шаҳар деҳқон бозори ҳудудида чўнтагида бўлган нархи 1.400.000 сўмлик, “Samsung А6” русумли уяли телефон аппаратини ўғирлатиб қўйганини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
169-моддаси 2-қисми “а” банди (киссавурлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни Фарғона шаҳрида яшовчи М.М. содир этганлиги аниқланиб, ўғирланган уяли телефон аппарати далилий ашё тариқасида олинган ҳамда М.М. процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фуқароларнинг буюмларини ўғирлаб, осон йўл билан пул топишни ўзига касб қилган шахслар адашади. Уларнинг қилмишлари албатта фош этилиб, қонун олдида жавоб беришлари таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “а” банди(киссавурлик)да кўрсатилган жиноятни содир этган шахс, беш йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати