28 Март 2022 йил 517

Бағдод туманида хўроз уриштириш учун қиморхона ташкил қилган шахс жавобгарликка тортилди

Бағдод тумани. 24 март куни туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланишича, Х.Р исмли фуқаро Қўштегирмон қишлоғи ҳудудида қонунга хилоф равишда таваккалчиликка асосланган хўроз уриштириш ўйини ўтказиш учун қиморхона ташкил қилиб, хўрозларни уриштириш учун мўлжалланган махсус жой тайёрлаган. Ушбу жойда бир гуруҳ шахсларни қимор ўйинига жалб қилиб, фуқаро Т.И ва А.И.ларнинг хўрозларини 250.000 сўмдан пул бериш эвазига уриштириш учун шароит яратиб бериб, эвазига 25.000 сўм миқдорида моддий манфаатдор бўлганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бағдод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Х.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (қиморхона ташкил этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш)да кўрсатилган жиноятни содир этган шахс етти йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech