15 Ноябр 2023 йил 1951

Вилоят ИИБда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали билан ҳамкорликда семинар машғулот ўтказилди

Дунёда инсон саломатлигидан-да азизроқ неъмат йўқ. Уни асраб-авайлаш учун эса ҳамиша соғлом турмуш тарзига амал қилиш, доимий равишда тиббиёт саводхонликни ошириб бориш ва шифокорлар айтган тавсияларга амал қилиш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган “Гематология ва онкология хизматларини янада ривожлаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар” режасига асосан ички ишлар органларида хизмат қилаётган шаходатланган ҳамда эркин ёлланган аёл ходималар иштирокида ўтказилган семинарда ҳам саломатликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ ана шундай тавсиялар ўртага ташланди.

Аёлларда учрайдиган бачадон бўйи ва кўкрак бези саратони скрининги мавзусида ташкилланган семинарда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилояти филиали директори Бобуржон Пиримқулов иштирок этиб, мавзуга оид қимматли маълумотлар билан ўртоқлашди.

Хусусан, юқорида тилга олинган хасталикларнинг олдини олишда нималарга эътибор бериш кераклиги мутахассислар тилидан, аниқ мисоллар ёрдамида тушунтириб берилди.

Шунингдек, семинар давомида соҳа маликалари ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб олдилар.

Муҳтасар қилиб айтганда, бу каби семинар ва тадбирлар ходимларнинг тиббий маданиятини юксалтириб, улар ўртасида соғлом турмуш тарзининг қарор топишига хизмат қилади.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech