РЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУРУҲИ ФАРҒОНАДА ИШ БОШЛАДИ
Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳалар қатори жиноятчиликка қарши курашиш муҳитини яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда маҳалланинг ролини кучайтириш, бунда мутасадди идора ва жамоат бирлашмаларининг ўзаро ҳамкорлик меҳанизмларини такомиллаштириш борасида ўз фикр ва мулоҳозаларини билдирган эди.
Мурожаатномада таъкидланган фикр ва белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлардан иборат ишчи гуруҳлари шакллантирилди.
Ишчи гуруҳлари зиммасига жорий йилнинг 3 февралидан 6 февралига қадар барча ҳудудий ички ишлар органларида тезкор-хизмат фаолиятини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси юклатилди.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари У.Ш.Ташхаджаев ҳамда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Д.Б.Қодиров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида ўрганиш ишларини бошлади.
Вилоят ички ишлар бошқармасида ўтказилган йиғилишда ички ишлар вазирлигининг масъул ходимларига барча туман-шаҳар ички ишлар органларининг тезкор-хизмат фаолиятини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатишда нималарга эътибор қаратиш бўйича аниқ вазифалар ва йўл харитаси белгилаб берилди.
– Бу ўрганишлар кимнингдир айби ва камчилигини топиб, унга жазо бериш учун ўтказилмайди, – деди полковник Д.Б.Қодиров. – Мақсадимиз тизимдаги энг қуйи бўғин, яъни, профилактика инспекторлари фаолиятигача кириб бориш, маҳалла тизими билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, соҳадаги камчиликларимизни жойида аниқлаш ва кечиктирмай бартараф этишдан иборат.
Айни пайтда Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида ички ишлар органларининг маҳалла, ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорлигининг қай аҳволдалигини ўрганиш билан бирга, ҳудудлардаги мавжуд камчиликларни аниқлаш ва жойида бартараф этиш борасида иш олиб боришмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати