15 Ноябр 2023 йил 19603

Фарғона вилояти “Намунали патруль-пост хизмати ходими” ва “Намунали патруль-пост хизмати қисм командири” кўрик-танловининг Республика босқичига мезбонлик қилмоқда  

Маълумки, Жамоат тартибини сақлаш ва патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ички ишлар органларининг ажралмас қисми бўлиб, сўнгги йиллар мобайнида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, содир этилаётган жиноятларни иссиқ изидан фош этишда ўзининг беқиёс қирраларини намоён этиб келмоқда. 


Бугунги кунда соҳага жаҳон тажрибасини татбиқ этиш, ривожланган давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари патруль-пост хизматлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Шу билан бирга, ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини юксалтириш масаласига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Ана шу  эътиборнинг ёрқин намунаси сифатида  анъанавий тарзда ташкил этилаётган “Намунали патруль-пост хизмати ходими” ва “Намунали патруль-пост хизмати қисм командири” кўрик-танловининг Республика босқичи бу йил Фарғона шаҳрида юқори кўтаринкиликда ташкил этиляпти.

Танловнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерел-майор Азизбек Икрамов ҳамда  Ички ишлар вазирлигининг мутасадди раҳбарлари сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга омад ва зафарлар тилади.


 Уч кун давом этадиган танловни юқори савияда ўтказиш мақсадида вилоятимизда пухта тайёргарлик ишлари олиб борилган бўлиб, айни кунда режа асосида барча шарт ва йўналишлар бўйича беллашувлар ўтказилмоқда. Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан етиб келган иштирокчилар юқори кайфият билан ғолиблик учун баҳсларга бел боғладилар. 

Кўрик-танловнинг бориши ва тафсилотлари ҳақида келгуси дастурларимизда батафсил хабар берамиз.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech