Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами муносабати билан Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасида бир гуруҳ соҳа фидойилари тақдирланди
Мустақиллик – энг буюк неъмат, асрий орзуларимизнинг рўёбидир. Уни кўз қорачиғидек асраш эса барчамизнинг муқаддас бурчимиз саналади.
Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди.
Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси барча юртдошларимизнинг юрагидан мустаҳкам жой олган.
Шу кунларда “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остида кенг нишонланаётган мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами барча ҳудудларда, меҳнат жамоаларида катта тантана қилинмоқда.
Байрам муносабати билан Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасида ташкил этилган байрам тадбирида ҳам мустақиллик ва ҳурлик, тинчлик ва осойишталик неъматлари яна бир бор ёдга олинди.
Шу неъматни асрашда самарали хизмат қилаётган, профессионал касбий маҳоратини намоён этиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ички ишлар органлари ходимларининг фидойи хизмати эътироф этилди.
Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икрамов иштирок этиб, барча сафдошларни мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этди.
Тадбир тантанали тақдирлаш маросимига уланиб кетди. Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг тегишли буйруғи билан тақдирланган соҳа ходимларига мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Ўз ўрнида тақдирланган ходимлар сўзга чиқиб, кўрсатилган эътибор учун вазирлик ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбариятига самимий миннатдорчилик билдирдилар ва берилган мукофотга муносиб тарзда халқимизга садоқат билан хизмат қилишга сўз бердилар.
Мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами арафасида ўтказилган ушбу тадбир ва берилган мукофотлар соҳа ходимлари қалбидаги ватанга муҳаббат, касбга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.