РАСМИЙ БАЁНОТ
Интернетдаги YouTube ижтимоий тармоғида тарқалган “Ўғлимни уриб, бўйнингга оласан, бўлмасам онангни қамайман, - деди” сарлавҳали видеохабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 24 март куни Риштон туман ИИБ ходимлари томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “м” банди билан суд томонидан қомоққа олиш тарзидаги эхтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган Риштон тумани Мактаб кўчаси 16 А-уйда яшовчи Я.Б нинг яшаш хонадонига боришганда Я.Б нинг укаси Я.Д (видеотасвирдаги эркак) ходимларнинг бир неча бор тушунтиришига қарамасдан ички ишлар органлари ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, тезкор тадбирни ўзида бўлган қўл телефонига тасвирга олиб, ходимларнинг хизмат фаолиятига ҳалақит берган.
Ҳолат юзасидан Я.Д туман ИИБ биносига олиб келиниб тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Қидирув эълон қилинган Я.Б нинг яшаш хонадонига 29.05.2022 йил куни такроран борилганда, хонадон эшиги ичкаридан қулфланганлиги сабабли, тегишли тартибда яшаш хонадонига қўшни томондан кирилиб, уй унинг оила аъзолари, холислар гувоҳлигида кўздан кечирилаётганда, Я.Б қўшни уйнинг томидан ерга сакраган пайт, ИИО ходимлар томонидан қўлга олинган.
Ҳолати юзасидан судга оид тиббий экспертизанинг 30.05.2022 йил кунидаги хулосасида Я.Б да аниқланган жароҳатларнинг жойлашиши ва характерига асосланиб, ушбу тан жароҳатларини ўзига-ўзи баландликдан ернинг қаттиқ қатламига сакраб олганлиги кўрсатилган.
Қидирувдаги Б.Я ни ушлаш бўйича ўтказилган қидирув тадбирлари давомида ИИБ ходимлари томонидан қидирувдаги Б.Я ва унинг яқин оила аъзоларига нисбатан жисмоний ёки руҳий тазйиқлар етказилганлиги ҳолатини аниқлаш мақсадида туман прокуратураси ҳамда Фарғона вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви тайинланиб назоратга олинган.
Шу ўринда фуқароларимиздан бир томонилама ёндашилган, асосланмаган ахборотлардан ноўрин хулоса чиқармасликларини сўраб, айрим журналист ва блогерларимизни эса ОАВ лар орқали ёлғон ахборот тарқатганлик ва тухмат қилганлик ҳолати тасдиқланган тақдирда, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирамиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати