Ички ишлар органлари эксперт-криминалистика хизмати тергов ҳаракатлари ва тезкор қидирув тадбирларининг исботлов базасини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
ИИОнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларни фош этиш амалиётида илмий асосланган далиллар нафақат адолатли тергов олиб боришни таъминлайди, балки айбсиз фуқароларни ИИОларида ортиқча сарсон бўлишини олдини олади.
Ўз ўрнида, эксперт-криминалистика хизмати ходимларини замонавий техник воситалар билан таъминлаш, эксперт-криминалистларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ўз вазифасига масъулият билан ёндошиб фаоллик кўрсатаётган ходимларни рағбатлантириш ИИО тергов-тезкор хизматлар олдига қўйилган вазифаларни янада самарали амалга оширилишини таъминлайди.
Шу муносабат билан Фарғона вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика бўлими ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг 2019 йилдаги фаолияти таҳлил қилиниб, ашёвий далиллар тадқиқоти бўйича ижобий натижаларга эришган ходимларни моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тадбир ташкил қилинди.
Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Д.Б. Ташходжаев томонидан тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида эксперт-криминалистлар ўз хизмат вазифаларини янада сифатли бажариши, соҳага замонавий илғор криминалистик услуб воситаларни жорий қилишда доимий равишда ўз билим савиясини ошириб бориш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир якунида 12 нафар эксперт-криминалистларга замонавий моноблок компьютери ва рангли принтерлар тақдим қилинди.
Шунингдек, ҳодиса жойларини сифатли кўздан кечириш, замонавий илмий услубларни қўллаган ҳолда жиноятларни “иссиқ изи”дан фош этишда жонбозлик кўрсатган ходимлар фаолияти янги мезонлар асосида баҳоланиши ва муносиб тақдирланиши айтиб ўтилди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати