27 Ноябр 2023 йил 2111

Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти ташаббуси билан  профилактика инспектори лавозимига янги тайинланган ёш ходимларга фахрийлардан мураббийлар бириктирилди

Фарғона вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимларни касбга садоқат руҳида тарбиялашда “устоз-шогирд” анъанасидан самарали фойдаланилмоқда. Бу борада вилоят ички ишлар бошқармаси Фахрийлар кенгаши аъзоларининг тажрибалари жуда қўл келмоқда.

Жойларда уч авлод урашувларини ташкил этиш орқали устозларнинг бой амалий тажрибаси ёшлар онгига чуқур сингдирилмоқда.

Шу кунларда Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти ташаббуси билан  профилактика инспектори лавозимига янги тайинланган ёш ходимларга фахрийлардан мураббийлар бириктирилгани ҳам мазкур анъаналарнинг бардавом эканидан далолат беради.

Фарғона  шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси мажлислар залида ташкил этилган тадбирда шу кунларда соҳада иш бошлаган ёш ходимлар ва уларга мураббий сифатида бириктирилган фахрийлар иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати раҳбарияти ёш ходимларга фахрийлардан мураббийлар бириктиришдан кўзланган асосий мақсад ҳақида тушунчалар берди.

Таъкидланганидек, эндиликда бириктирилган мураббийлар ёш ходимларга ўз ҳаётий тажрибаларини мунтазам ўргатиб борадилар. Жумладан, ватанга муҳаббат, касбга садоқат, устозларга ҳурмат, фуқаролар билан қандай муомала қилиш, ҳалоллик каби тушунчаларда ўгит ва маслаҳатлар беришади.

Бундан ташқари, ёш инспекторлар бириктирилган фахрийлар билан ҳамкорликда маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги криминоген вазиятни мунтазам равишда ўрганиб,  таҳлил қилиб, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича қонунчиликда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширади. 

Фахрийлар ўзларининг бой тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ўзига бириктирилган ёш ходимларга хизмат кўникмаларини шакллантириш  ИИВнинг меъёрий буйруқ талаблари асосида хизмат олиб боришларини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида мураббий сифатида доимий равишда кўмаклашиб турадилар.

Бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жамоат тартибини сақлашга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳлари фаолиятини  ташкил этиш  ҳам устувор мақсадлардан бири саналади.

Учрашувда шу каби  муҳим масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Келгусида жиноятчиликни \жиловлашда “Устоз-шогирд” анъанасидан самарали фойдаланишга келишиб олинди.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech