25 Ноябр 2023 йил 2121

Вилоят ички ишлар органлари  ходимларидан бир гуруҳи  оила аъзолари билан биргаликда Фарғона шаҳридаги ҳайвонот боғига  саёҳат қилишди

Хизмат вазифасидан толиққан ходимларнинг оила даврасида ҳордиқ чиқариши, фарзандлари билан турли хушманзара жойларга саёҳат қилишлари улардаги ишчанлик кайфиятини янада ошириши табиий ҳол.

Маданий ҳордиқ олиш учун эса юртимизда жуда кўплаб театр ва музейлар, истироҳат ҳамда ҳайвонот боғлари борки, уларга саёҳат қилиш учун алоҳида вақт ажратиш зарур.

Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепциясида ҳам соҳа ходимлари учун ана шундай саёҳатлар ташкил этиш масаласига эътибор берилган.

Ушбу концепция талабларидан келиб чиқиб,  Фарғона вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ташаббуси билан турли кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда.

Юрт посбонлари ва уларнинг оила аъзолари учун  навбатдаги саёҳат Фарғона вилояти ҳайвонот боғига уюштирилди.

 Ходимлар оила аъзолари ва фарзандлари билан биргаликда мазкур боғда мароқли дам олдилар. Бу  ердаги  ноёб ҳайвонлар ва қушларнинг сақланиш жараёни, яшаш тарзи, аттракционлардаги қизиқарли томошалар, айниқса, посбонларнинг фарзандларига олам-олам завқ улашди. 

Бундай саёҳатлар табиат ва инсон ўртасидаги ўзаро меҳр ришталарини боғлашга, инсонларнинг ҳайвонот оламига бўлган эътиборини янада оширишга хизмат қилади.

Саёҳат якунида соҳа ходимларининг фарзандлари тадбирни ташкил этгани учун вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбариятига миннатдорчилик билдиришди.

Text to speech