14 Сентябр 2023 йил 4036

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов  вилоятимиздаги транспорт ва туризм объектларида,  маҳалла ва бозорларда ўрганишлар олиб борди

Аввал хабар берганимиздек, Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Юлдашевич Мирзараҳимов  Фарғона вилоятида бўлиб, бир қатор транспорт ва туризм объектларида,  маҳалла ва бозорларда ўрганишлар олиб бормоқда.

Жумладан, Фарғона тумани “Водил” шаҳарчаси, “Дилкушо”, “Бўстон” ва “Чимён” қишлоғидаги “Хувайдо” зиёратгоҳида, Олтиариқ туманидаги “Полосон”, Қўқон шаҳридаги “Янгиобод” МФЙга ташриф буюриб,  маҳалла “бешлиги” ва кенг жамоатчилик билан учрашди. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб,  профилактика инспекторларининг хизмат хоналари ва хизмат уйларини ўрганди.

Бундан ташқари, Риштон туманидаги “Мингбоши Керамик” хусусий кулолчилик оилавий корхонасида бўлиб, ҳунармандларнинг иш фаолияти ҳамда уларга яратилган шароитлар билан танишди. 

Ташриф давомида Қўқон шаҳар ИИБда бўлиб, бошқарманинг маъмурий бинолари ҳамда ходимларнинг хизмат фаолияти билан танишилди. 

Шундан сўнг Қўқон шаҳрининг марказий буюм бозорида  тадбиркорларга яратилган шароитлар ва бозорнинг ёнғин хавфсизлиги ҳамда  эвакуация қилиш режаларини ўрганиб, Миллий гвардия ва ёнғин хавфсизлиги масъулларига керакли тавсиялар берди.

Қўқон шаҳар ҳокими  Маъруфжон Усмонов ҳамроҳлигида Худоёрхон Ўрда майдонида бўлиб, сентябрь ойининг 21-23 кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган II-халқаро “Ҳунармандлар фестивали” га  тайёргарлик ишлари билан танишди.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech