Қува туманини ишсизлик ва жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида «Аёлга эътибор-миллатга эътибор» шиори остида тадбир ва очиқ меҳнат ярмаркаси ташкил этилди
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил бошида Фарғона вилоятига ташрифидан сўнг вилоятимизни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида бир қатор профилактик ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фармойишига асосан алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган шахслар билан ижтимоий профилактик ишларни амалга оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Қува туманида «Аёлга эътибор - миллатга эътибор» шиори остида тадбир ташкил этилди.
Ушбу тадбирга тумандаги ички ишлар, маҳалла ва соғлиқни сақлаш муассасаларида рўйхатда турувчи, алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган аёллар таклиф этилиб, мутахассислар томонидан керакли ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдамлар кўрсатилди. Маданий ҳордиқ чиқаришлари учун шароитлар яратилди.
Қува туманини ишсизлик ва жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида вилоят касаба уюшмаси, туман ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда туман ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда ташкил қилинган очиқ меҳнат ярмаркаси ҳам ана шундай тадбирларнинг узвий давомидир.
Ярмаркага вақтинча ишсиз ва ишлаш истагини билдирган хотин-қизлар жалб қилиниб, ҳозирда ишчи ўрини мавжуд бўлган “Altindag‘‘ МЧЖ га саёҳат ташкил этилди.
Текстил иш бошқарувчиси томонидан ишчиларига яратилган шарт -шароитлар, бепул транспорт воситаси ва тушлик жорий қилинганлиги, иш тартиблари тушунтирилди. Аёллар меҳнат шароитлари билан яқиндан танишдилар ва ўзлари қизиққан саволларга жавоб олдилар.
Мутахассис-психолог томонидан аёлларнинг иш билан банд бўлиши оилага ва жамиятнинг маънавий, моддий муҳитига катта ижобий таъсир қилиши тўғрисида ўтказилган тренинг иштирокчилардаги ишлаш истагини янада кучайтирди.
Шу ернинг ўзида 20 нафар ишлаш истагини билдирган аёллар рўйхати шакллантириб олинди.
Бу каби тадбирлар, албатта, вилоятимизни ишсизлик ва жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборотт хизмати