11 Феврал 2025 йил 2183

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 47-сон Фармойишига асосан Фарғона вилояти ҳудудида ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда “Тозалаш” комплекс тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда

Фармойиш ижросини таъминлаш юзасидан Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятда ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Республика ҳудудида “Тозалаш” комплекс тезкор-профилактик тадбирларини ўтказиш тўғрисидаги Ички ишлар вазирининг фармойиши ижроси юзасидан дастлабки ўрганиш ишлари Фарғона вилоятида олиб борилмоқда.

10 февраль куни Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ва вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан соҳавий хизматлар ҳамда шаҳар-туман ИИБ раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сон қарор моҳиятини етказиш ва уни ижросини таъминлаш, Ички ишлар вазирининг фармойиши ижроси ҳамда унинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил тушунтирилди.

Фарғона шаҳрида тунги хизматга жалб этилган жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига масъул бўлган саф бўлинмалари ҳамда ҳамкор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари иштирокида хизмат олди йўриқномаси ўтказилди.

Унда ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари қатнашиб, хизматга жалб этилган ҳар бир ходимга юклатилган масъулиятли вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди ҳамда фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш, хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий риоя қилиш борасида ходимларга зарурий кўрсатмаларни берди.

Шунингдек, Фарғона шаҳрининг “Абдулла Қодирий” ва “Ойбек” маҳаллаларида янги ташкил этилаётган ҳуқуқ-тартибот масканларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишилди. Яна бир криминогени вазияти оғир ҳисобланган “Машъал” маҳалласи еттилиги билан учрашиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1-сон қарорининг маҳалладаги ижроси ўрганилди ҳамда масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

“Тозалаш” комплекс тезкор-профилактик тадбирлари Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида давом эттирилади.

Text to speech