2022/2023-ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим бакалавриатига Республикамизнинг барча ҳудудларидаги ўрта умумтаълим мактаблари битирувчилари ҳамда ўрта-махсус маълумотга эга талабгорлар қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-27-сон фармонига биноан, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим бакалавриатига номзодларни қабул қилишда умумий квотанинг 10 фоизи ўрта умумтаълим мактаблари битирувчилари ҳамда ўрта махсус маълумотга эга фуқароларга, 90 фоизи идоравий академик лицейлар, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, ички ишлар органлари ходимлари ҳамда профилактика (катта) инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларига ажратилади.
Амалдаги тартибга кўра, номзодларнинг ёши 17 дан кичик ва 25 дан катта бўлмаслиги, йигитларнинг бўй-басти 165 сантиметрдан, қизларники 160 сантиметрдан паст бўлмаслиги шарт.
ИИВ Академиясига ўқишга кириш истагида бўлган ёшлар доимий яшаш жойидаги ҳудудий Ички ишлар органлари кадрлар билан таъминлаш бўлинмаларига ариза билан мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қиламиз.
Аризалар 2022 йилнинг 15 февраль кунига қадар қабул қилинади.
ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ИИБ КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИК БЎЛИМИ