11 Феврал 2023 йил 460

Вилоятимизда кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги ўтказилади

Фарғона вилояти ҳокимининг 2023 йил 8 феврал кунидаги тегишли қарори билан 13 февраль кунидан 19 февраль кунига қадар “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги (Cyber-Week)” ўтказилиши белгиланди.

Вилоятимизда кибержиноятларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг виртуал муҳитдаги кибертаҳдидлардан огоҳлигини ошириш мақсадида ташкил этилаётган ҳафталик доирасида бўлиб ўтадиган тадбирларни самарали ташкил этилиш ва мувофиқлаштириш мақсадида вилоят ишчи гуруҳ тузилиб, комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари режаси ҳамда ўтказиладиган танловлар низоми ишлаб чиқилди.

Тадбирлар режасига кўра, аҳоли ўртасида банк карта кодини ошкор этиш орқали пул маблағлари талон-торож қилиниши, шахсий маълумотларни интернет тармоғида бегона шахсларга тақдим этиш оқибатида юзага келаётган ва бошқа жиноятларнинг оғир оқибатларидан хабардор қилишга қаратилган тушунтириш ишлари, тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ташкил этилади.

Жумладан, ҳафталик давомида “Киберхавфсизлик билимдонлари” интеллектуал ўйини ўтказилади. “10 та энг яқиним” ва “Биз бир оиламиз” хештеги остида ижтимоий тармоқларда челленжлар уюштирилади. Блогерлар ўртасида “Энг яхши контент” танловини ташкил қилинади.

Шунингдек, таълим муассасаларидаги ёшлар, ижодий фаолият билан шуғулланувчи аҳоли ўртасида кибержиноятларга қарши курашишни тарғиб қилувчи “Энг яхши монолог”, “Энг яхши иншо”, “Энг яхши шеър” танловларини ўтказиш ҳам белгиланди.

Булардан ташқари, “Банк картаси кодини ҳеч кимга бермайман” шиори остида катта ёшдаги аҳоли вакиллари, нафақахўрлар иштирокидаги тарғибот материаллари (видео, фото) танлови, тиббиёт ходимлари ўртасида “Интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланаман” шиори остида видеороликлар танлови, маҳаллалар ўртасида кибержиноятларга қарши курашишни тарғиб қилувчи “Энг яхши маҳалла” танловини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Фуқароларимизни мазкур ҳафталикда фаол иштирок этишга чақирамиз!

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech