Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ташаббуси билан Қўқон шаҳридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида маънавий-маърифий тадбир ҳамда экскурция ташкил этилди
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, назоратсизлик ва эътиборсизлик оқибатида ҳуқуқбузарлик кўчасига қадам қўйган ва ҳаёт йўлларида адашаган ёшларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилган.
Қўқон шаҳридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ана шу тоифадаги ёшлар тарбияланади.
Вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ташаббуси билан марказда маънавий-марифий тадбир ташкил қилинди. Бошқарма бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраев ёшлар билан учрашиб, самимий мулоқот ўтказди. Уларни илм олишга, кўпроқ китоб ўқишга чорлади.
Шу куни ўғил қизларга қишки-кийим кечаклар ва маданий ҳордиқ чиқаришлари учун караоке жамланмаси совға қилинди.
Мазали тушликдан сўнг эса, тарбияланувчилар саёҳатга отландилар.
Риштон туманидаги туяқушчиликка ихтисослашган “Страс хаус”да болалар унутилмас таассурот олдилар. Ушбу жониворларнинг парвариш қилиниши, яшаш тарзи ҳақидаги қимматли маълумотларга эга бўлишди.
Фарғона вилояти қўғирчоқ театрида бўлган саёҳатчилар “Карвонсарой” спектакли томоша қилдилар. Эзгулик, ватанпарварлик, одоб-ахлоқ тушунчалари ёшлар қалбига сингди.
Ўлкашунослик музейига уюштирилган саёҳат ҳам мазмунли кечди. Вилоятимизнинг бой ўтмиши, аждодларимиз қолдирган осори атиқалар, ёшларнинг тарихий билимларини бойитишда муҳим омил бўлди.
Шунингдек марказ тарбияланувчилари Фарғона шаҳридаги ҳайвонот боғида ҳам бўлиб, ҳайвонот оламининг ўзига ҳос наъмуналарини ўз кўзлари билан кўриб, бир олам хайрат ҳамда ҳаяжонга туйдилар.
Кечги овқатдан сўнг ўғил-қизлар марказга қайтишиб, ўз таассуротларлари ҳақида бир-бирлари билан ўртоқлашдилар. Қараокеда қўшиқ куйлаб, ўйин кулгу қилишди.
Дарҳақиқат, бола кўнгли нозик. У ёш бир ниҳолга ўхшайди. Вақтида эътибор бериб, илм ва маърифат суви билан суғорилса, келажакда комил инсон бўлиб вояга етади. Бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда саёҳатлар эса уларни эзгу фазилатлар руҳида тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати