25 Феврал 2021 йил 1539

Жиноятчиликка қарши курашиш борасида тадбирлар ташкил этилмоқда

Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 12 февралдаги Ички ишлар вазирлигида ўтказилган йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоят прокуратураси ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари иштирокида қўшма тезкор гуруҳлари шакллантириш ҳақида жорий йил 23 февраль куни қўшма қарор тасдиқланди.

Қўшма қарор асосида вилоятнинг 11 та ҳудудида, хусусан Фарғона, Қўқон ва Марғилон шаҳарлари, Бешариқ, Қўштепа, Олтиариқ, Риштон, Ўзбекистон, Учкўприк, Қува ва Фарғона туманларида жиноятчиликнинг уюшган ва гуруҳий турларига, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг қонунга хилоф айланмасига ва контрабандага, босқинчилик, талончилик ва безорилик жиноятларига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратган тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиб бориш белгиланди.

2021 йил 25 февраль куни ушбу тезкор-қидирув ва профилактик тадбирларни ўтказишга масъул бўлган гуруҳ аъзолари иштирокида Фарғона вилоят прокуратурасида йиғилиш ўтказилиб, унда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Б.Т.Иброхимов, вилоят прокурори вазифасини бажарувчи Ш.Н.Алихоновлар томонидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Вилоят прокуратураси ва ИИБ раҳбарлари, одам савдосига қарши кураш вилоят комиссияси аъзолари, туман-шаҳар прокурорлари ва ички ишлар бўлимлари, тергов ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўлинмалари бошлиқлари иштирок этган мазкур йиғилишда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик, айниқса унинг диний экстремизм ва терроризмга боғлиқ кўринишларининг олдини олиш борасида зарбдор ойлиги ўтказиш ва барча жиноятларни жиловлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Text to speech