Фарғона шаҳридаги Янги йўл маҳалласида жиноят муҳокамаси ўтказилди
Ҳар бир шахс, хоҳ ўғри, хоҳ тўғри бўлсин, қайсидир маҳаллада истиқомат қилади. Шу боис сўнгги пайтларда содир этилган айрим жиноятларни бевосита айбдор яшайдиган маҳаллаларда муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилди.
Бу эса ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Биринчидан, муҳокамаларда фуқаролар огоҳликка чақириляпти, келгусида ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.
Фарғона шаҳридаги Янги йўл маҳалласида ҳам вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари, подполковник Ғайратжон Раҳматуллаев иштирокида ана шундай муҳокама ташкил этилди.
Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро П.С бир неча маротаба судланиб, тегишли тартибда жазога тортилган. Айни пайтда ҳам суд ҳукми билан озодликни чеклаш жазосини ўтаётган эди.
Аммо хатоларидан ўзига тўғри хулоса чиқармаган ушбу фуқаро яна бевосита ўзи яшайдиган маҳаллада жиноятга қўл урди. 2021 йилнинг 16 апрель куни соат 10:00 ларда маҳалла кўчасидаги сўрида таниши Р.Т исмли шахс билан спиртли ичимлик ичиб, ўзаро жанжаллашишади. Натижада П.С танишининг бошига тўмтоқ жисм билан уриб, тан жароҳати етказади.
Фарғона вилояти ИИБ Пробация хизмати ходимлари, маҳалла фаоллари, фуқаролар ишиторок этган муҳокама жараёнида мазкур жиноятнинг содир бўлишига шарт-шароит яратиб берган омиллар ҳақида сўз юритилиб, бунда қўни-қўшниларнинг, маҳалла фаолларининг ҳам айби борлиги таъкидланди.
Келгусида бу каби жиноятларнинг олдини олиш учун ҳар бир фуқаро бепарволик ва лоқайдликка берилмасдан, ўзининг қўни-қўшниси, маҳаладошлари тақдирига эътиборли бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати