Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди
(ЎРҚ–645, 05.11.2020 й.)
Мазкур қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан, Жиноят кодексининг қўйидаги моддалари:
1) 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) иккинчи қисми дизпозициясининг “к” банди қуйидаги мазмундаги “к” ва “л” бандлар билан алмаштирилди:
“к) бир гуруҳ шахслар томонидан;
л) қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса”;
2) 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) иккинчи қисми дизпозициясининг “л” банди қуйидаги мазмундаги “л” ва “м” бандлар билан алмаштирилди:
“л) ўта хавфли рецидивист томонидан;
л) қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса” деган бандлари билан тўлдирилди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, кодексга янги 185² ва 185³-моддалари қўшилди.
185²-модданинг биринчи қисмида совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳолларда, жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) олиб юриш, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача (111.500 сўмдан 223.000 сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур модданинг иккинчи қисмида совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан ов қилишда, касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, жамоат жойларида олиб юриш, худди шунингдек ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида олиб юриш, -
ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача (223.000 сўмдан 1.115.000 сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
185³-моддасида тиғининг ёки кескичининг (дамининг) узунлиги тўқсон миллиметрдан ортиқ бўлган, тугмаси ёки пишанги босилганда сопидан автоматик равишда чиқадиган ва маҳкамланадиган ёҳуд оғирлик кучи ёки тезкор ҳаракат ҳисобига сурилиб чиқадиган ҳамда автоматик равишда ўрнашадиган тиғли совуқ қурол ва пичоқларнинг, шунингдек қурол сифатида қўллаш учун махсус мослаштирилган зарб бериб-парчаловчи ва улоқтирувчи таъсирга эга ашёларни (гурчилар, костетлар, сурикенлар, бумеранларни ва бошқа ашёларни) қонунга ҳилоф равишда ишлаб чиқариш, таъмирлаш, реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилиш,-
мазкур ашёларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан 10 бараваригача (1.115.000 сўмдан 2.230.000 сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади
Бундан ташқари, “Қурол тўғрисида”ги Қонунга совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар тушунчаси киритилди.
Ҳурматли фуқаролар!
Жамиятимизда қонун устуворлигини таъминланиши тинчлик ва осойишталикни сақлашнинг энг муҳим омилларидан биридир.
Қонун ҳужжатларига киритилган юқоридаги ўзгаришлар эса, энг аввало халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилади.
Қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлайлик.
Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишишингиз мумкин.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати