3 Июл 2021 йил 548

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги янги Қонун мазмун-моҳияти тарғиб қилинмоқда

Кўпчиликнинг хабари бор, Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномаси ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йилнинг 14 июнда “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги янги Қонун қабул қилинди.

Ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш юзасидан Фарғона вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, жойларда давра суҳбатлари ўтказилиб, тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, чегара ҳудуд ҳисобланган Фарғона туманида доимий рўйхатдан ўтиб, ҳозирга қадар истиқомат қилиб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар туман ИИБ маърифатлар залига таклиф қилиниб, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари ҳамда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғи томонидан юқоридаги Қонун мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди. Фуқаролардан тушган саволларга қонунчилик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, атрофлича жавоб қайтарилди.

Таъкидлаш зарурки, ушбу Қонунга асосан Фарғона вилояти ҳудудида яшаётган 2300 нафарга яқин фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиниши ва уларга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шахсий гувоҳнома (ID-карта)си расмийлаштириб берилиши кўзда тутилмоқда.

Фарғона вилоят ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech