6 Июл 2020 йил 588

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг кўрсатмасига асосан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида пробация хизмати ходимлари ва уларнинг ота-оналари иштирокида учрашув ўтказилди

Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари – Кадрлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Файзулла Ортиқбоев очиб, ички ишлар органлари ходимлари орасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, уларнинг ота-онаси ва оила аъзолари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласида сўз юритди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати бошлиғи, полковник Маҳамадали Исмоилов ходимларнинг ота-оналарга куюниб мурожаат қилар экан, фарзандини турли ножўя қилмишлардан, эгнидаги хизмат кийимига доғ тушурувчи хатти-ҳаракатларидан асраш, “Халқ посбони” деган юксак ва шарафли номни оқлашлари учун раҳбарият билан янада яқин ҳамкорлик қилишга чақирди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Фарғона вилояти бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Муҳаммадзиё Отажонов ҳам ходимлар ўртасида ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, коррупциянинг олдини олиш, тартиб-интизом масалаларида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Учрашув давомида пробация бўлинмаларида ўзининг шарафли вазифаларини виждонан бажараётган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, назорат остидаги шахслар билан олиб бориладиган профилактик ишларни тизимли йўлга қўйган бир қатор ходимлар ва уларнинг ота-оналарига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ташкил этилган ушбу йиғилиш сўнггида ходимларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech