Қувасой шаҳрида тилла- тақинчоқларни ўғирлаган аёл қўлга тушди
23 июнь куни Қувасой шаҳри Мусаффо кўчасида яшовчи У.Ш исмли аёл ИИБга мурожаат қилиб, унда 4 июнь кунидан 19 июнь кунигача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, хонадон ётоқхонасидан жами нарҳи 6.000.000 сўмлик тўрт дона тилло узукларни яширин равишда ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Р.Д. исмли аёл содир этганлиги аниқланиб, процессуал тартибда ушланган.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳурматли фуқаролар, ўз мол-мулкингиз, пул маблағларингизни эҳтиёт қилинг! Бу билан ўғирлик жиноятларининг олдини олишга ҳисса қўшган бўласиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати