24 Сентябр 2020 йил 498

Қўштепа туманида автомактаб ўқитувчиси пора билан қўлга тушди

Қўштепа тумани.Жорий йилнинг 22 сентябрь куни М.А. ИИБга мурожаат қилиб, унда ҳайдовчилик гувоҳномасини тумандаги “Автомактаб” ходими Алишер” (исми ўзгартирилган) исмли шахсга мурожаат қилганлигини, ушбу шахс “С” тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасини тезлаштириб олиб бериш эвазига автомактаб ҳисобига 1.500.000 сўм ҳамда ЙҲХБда ишловчи раҳбарлар орқали ҳал этиш учун эса 100 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилаётганлигини билдириб, “Алишер” исмли шахсга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Фуқаро М.А.нинг аризаси асосида, шу куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлими ҳамда вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-тадбир давомида, “Алишер” М.А.дан 1.500.000 сўм ва 100 АҚШ доллари олган вақтида ушланиб, ундан пуллар холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олинди.

Ўрганиш давомида, “Алишер” исмли шахс “Водий авто инновацион мактаб” ўқитувчиси лавозимида ишлашлиги аниқланди.

Шунингдек, унинг хизмат хонаси кўздан кечирилганда, 100 дан зиёд коллеж ўқувчиларининг исм-шарифлари штрих орқали ўзгартирилган ҳолдаги диплом ва илова нусхалари, бошқа ҳужжатлар мавжудлиги аниқланиб, келгусида текшириб кўришлик учун олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech