Қўқон шаҳрида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган муҳокама йиғилиши ўтказилди
Вилоятнинг Қўқон шаҳрида жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда ўзаро ҳамкорликда бажарилиши лозим бўлган тизимли ишларни ташкил этиш, жиноятнинг сабаблари ва унга имкон яратиб бераётган шарт-шароитлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ташкил этилиб, унда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозаров, вилоят ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратураси раҳбарлари, Қўқон шаҳар ҳокимлиги ва бошқа сектор раҳбарлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, профилактика инспекторлари, кенг жамоатчилик ҳамда мутасадди идоралар вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда жиноятчиликнинг аҳволи маҳаллалар кесимида таҳлил қилиниб, жиноят содир этилишининг сабаб ва шароитларини ўрганиш, ўзаро ҳамкорликда самарали тадбирларни ташкил этиш борасида таклиф ва тавсиялар муҳокамага қўйилди.
Тадбирда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни манзилли ташкиллаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва унга имкон бераётган шарт-шароитларини тизимли равишда аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича профилактик ишлар самарадорлигини янада жонлантириш лозимлиги тушунтирилди.
Муҳокамада энг катта камчилик лоқайдлик эканлиги ва бу иллат ҳар қандай кўринишдаги жиноятга йўл очиб бериши мумкинлиги таъкидланди.
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар вилоятнинг бошқа шаҳар-туманларида ҳам давом этмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати