Қўқон шаҳрида хонадонга ўғирликка тушган шахс аниқланди
Қўқон шаҳри. 16 октябрь куни Мовароуннахр кўчасида яшовчи фуқаро ИИБга мурожаат қилиб, унда 15 октябрь кунидан 16 октябрь кунига ўтар кечаси соат 03:00 ларга қадар номаълум шахс М.А.ни яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, меҳмонхонасида бўлган нархи 2.500.000 сўмлик “Artel” русумли телевизори, нархи 50.000 сўмлик уяли телефон аппарати ва 200 АҚШ долларини яширин равишда ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни вояга етмаган Д.М. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” бандида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳурматли фуқаролар, ўз мол-мулкингиз пул маблағларингизни эҳтиёт қилинг! Бу билан ўғирлик жиноятларининг олдини олишга ҳисса қўшган бўласиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати