Қўқон шаҳрида фуқаро долларни расмий банк муассасасида алмаштирмаслик оқибатида талончиларга дуч келди
Қўқон шаҳри. Фуқаро Ж.Ш. ИИБга мурожаат қилиб, унда 2020 йилнинг 19 ноябрь куни соат 11:30 да, номаълум шахслар Фурқат кўчасида 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини сўмга алмаштириб беришини айтиб, унга 150.000 сўм пулларни бериб, ундан 300 АҚШ долларини олиб, қолган пулларни автомашинадан олиб беришини айтиб, қора рангли, “Spark” русумли автомашинага чиқиб қочиб кетишганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни фуқаро Ш.М. ва терговга қадар текширув жараёнида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган “Ислом” ва “Элёр” исмли шахслар билан олдиндан тил бириктириб содир этганликлари аниқланган.
Дастлабки тергов жараёнида, Ш.М. гумон қилинувчи тариқасида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича Ш.М.нинг жиноий шерикларини шахсини аниқлаш мақсадида, тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси юқоридаги кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлиги ҳақида эслатиб ўтади.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати