Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган ҳайдовчиларга планшетлар орқали чора кўрилмоқда
Аввал хабар берганимиздек, вилоятимизда йўл-патруль хизмати инспекторлари қоидабузарликларни қайд этишда фойдаланиладиган планшетлар билан таъминланди. Ҳозирда ушбу планшетлар орқали йўл ҳаракати қоидаларининг 91-бандида назарда тутилган қоидабузарликларга электрон тарзда маъмурий баённомалар расмийлаштирилмоқда.
Шу кунга қадар ушбу қурилмалар орқали 305 та ҳолатда тўхташ ва тўхтаб туриш мумкин бўлмаган жойда қолдириб кетилган автомобилларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз; йўл ҳаракати қоидаларининг 91-бандига асосан қуйидаги жой ва ҳолатларда тўхташ таъқиқланади:
туннелларда, темир йўл кесишмаларида;
бир йўналишда ҳаракатланиш учун учтадан кам бўлаги бўлган кўприк, йўл ўтказгич ва эстакада ҳамда уларнинг остида;
тўхтаган транспорт воситаси билан сидирға чизиқ (қатнов қисмининг четини белгиловчи чизиқдан ташқари), ажратувчи бўлак ёки қатнов қисмининг қарама-қарши чети орасидаги масофа 3 метрдан кам бўлган жойларда;
пиёдалар ўтиш жойларида ва улардан олдин 5 метрдан кам масофа қолганда;
қатнов қисмининг хавфли бурилишларида;
лоақал бир йўналишдаги кўриниш масофаси 100 метрдан кам бўлган йўл дўнгликлари яқинида;
қатнов қисми кесишмаларида ва кесишаётган қатнов қисми четига
5 метрдан кам масофа қолганда;
бекат майдончаларида, йўналишли транспорт воситалари тўхташ жойларида;
транспорт воситаси светофор ишоралари, йўл белгиларини бошқа ҳайдовчилардан тўсиб қўядиган, бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига (кириш ва чиқишига) имкон қолдирмайдиган ёки пиёдаларнинг ҳаракатига халақит берадиган жойларда;
3.27 йўл белгиси ёки 1.4 йўл чизиғи таъсири доирасида.
Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинг.
Бизнинг мақсадимиз Сизни қоидабузарлигингиз учун жаримага тортиш эмас, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати