Тошлоқ туманида хонадондан пул ва тилла узукларни ўғирлаган аёл аниқланди
Тошлоқ тумани. 03 ноябрь куни Пиёзчилик МФЙ ҳудудида яшовчи М.Д. ИИБга мурожаат қилиб, унда 29 октябрь куни соат 09:00 дан 12:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, меҳмонхонаси жавонида бўлган 200 АҚШ доллари, 200.000 сўм пуллари ва икки дона нархи 2.000.000 сўмлик тилла узукларни яширин равишда ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур жиноятни П.С. исмли аёл содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қонунчиликка асосан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати