СОҒЛОМ ҲАЁТ САРИ БЕШ МИНГ ҚАДАМ БОСИНГ!
Давлатимиз раҳбарининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоятида ҳам қатор амалий ишларга қўл урилмоқда.
Марғилон шаҳрида эрта тонгда «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» шиори остида шаҳар ҳокимлиги, ИИБ ходимлари, шаҳар халқ таълими, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва бошқа мутасаддилар ҳамкорлигида юриш марафони ўтказилди. Унда ёшлар, ташкилот, муассасалар раҳбарлари ва ходимлари, фаоллардан иборат 4 минг нафардан зиёд кўнгиллилар қатнашди.
Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммунитет ҳосил бўлади. Зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, жисмоний фаоллик ҳар биримиз учун зарур. Айниқса, аҳоли тинчлигини таъминлашга хизмат қилаётган ички ишлар ходимлари ҳам соғлом турмуш тарзига риоя этишлари шарт. Ана шундай тадбирлар Фурқат тумани Бекобод МФЙда ҳам ўтказилди.
Оммавий юриш тадбирига туман ИИБ тизимида хизмат қилаётган ходимлар, профилактика инспекторлари ҳам жалб этилди.
Марафонда беш юзга яқин кўнгилли иштирокчилар белгиланган масофани пиёда босиб ўтишди. Шундан сўнг, ўйингоҳда эрталабки бадантарбия машғулотларини бажардилар.
Таъкидлаш жоизки, жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси бўлган бу каби тадбирлар аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати