Жорий йилнинг 27 март куни Фарғона вилояти ИИБга фуқаро Н.И. ариза билан мурожаат қилиб, унга шу йил 1 январь куни Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро Мирзаахмедов Мехриддин (фотосуратдаги шахс) д/р 01У145 PB бўлган “Malibu-2» русумли автомашинасини 6 000 АҚШ долларига сотиб, орадан қисқа вақт ўтиб машинани қайта олиб қўйганлигини, пулларини эса қайтармаётганлигини айтиб, зўравонлик билан моддий зарар етказган шахсга нисбатан чора кўришни сўраган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168 моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчи М.М. тергов органларидан яширинганлиги учун “Қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилиб, ўрнатилган тартибда қидирув эълон қилинган.
Жорий йилнинг 26 апрель куни соат 14-00 ларда, қидирувдаги шахс М.М. ўз яшаш хонадонида эканлиги ҳақида тезкор маълумот олиниб, Фарғона вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати томонидан Ички ишлар органларининг махсус хизматлари жалб этилган ҳолда қўлга олинган.
Қўлга олиш жараёнида айбланувчи ва унинг яқин қариндошлари Ички ишлар органлари ходимларига нисбатан фаол қаршилик кўрсатишганлиги сабабли, улар қонунда белгиланган тартибда махсус техника воситаларини қўллаш орқали зарарсизлантирилганлар.
Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати