Расмий муносабат
Ҳурматли ҳамюртлар, 15 ёшли ўсмирнинг Қўқон шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида вафот этганлиги юзасидан тарқалган хабарлар интернет ижтимоий тармоқларида жамоатчилик томонидан кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 октябрь куни Қўқон шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ётоқхонасида икки нафар вояга етмаган тарбияланувчилар ўзи билан бирга тарбияланаётган вояга етмаган Р.А.га тан жароҳати етказганлиги аниқланиб, Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда юқоридаги 2 нафар вояга етмаган тарбияланувчилар қамоққа олинган.
Воқеа содир бўлган кунда навбатчилик қилган 2 нафар ИИО ходими тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжални олдини олмаганлиги учун, ИИО сафидан бўшатилиб, ходимларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати