РАСМИЙ БАЁНОТ
Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган “Қувадаги ошхоналарга ҳатто доставкага ишлашига ҳам рухсат йўқ-ми?” сарлавҳали видеохабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 29 июнь куни Қува тумани ИИБ ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида Республика махсус комиссиясининг 74-сонли йиғилиш баёнида кўрсатилган объектларда рейд тадбирлари ташкил этилиб, туманнинг Ифтихор МФЙда жойлашган “Улфатлар” номли овқатланиш маскани соат 20:00 да иш фаолиятини тўхтатмасдан давом эттираётганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ошхона иш бошқарувчиси Юнусовга нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Шунингдек, видеохабарда келтирилган ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган бўлиб, текширув якунига кўра, ҳар битта ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Маълумот ўрнида, Республика махсус комиссиясининг 74-сонли йиғилиш баёнида жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб Республика бўйлаб кўнгилочар объектлар - ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, билъярд заллари ва кампютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 08:00 дан 20:00 гача рухсат берилган бўлиб, кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларига ташриф буюрувчиларга ушбу муассасалар умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгилаб қўйилган.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати